1

ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ КУНИГА ТАДБИР


Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида Тошкент тиббиёт академияси, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академияси ҳамкорлигида мамлакатимиз Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Байрам тадбирини Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Элдор Шермонов кириш сўзи билан очиб, юртимиз мудофаа қудратини оширишда амалга оширилаётган ишлар, кенг ислоҳотлар ҳақида тўхталди.

Айниқса, тизимга моделлаштириш ва симуляция жараёнларининг тадбиқ этилаётгани, ҳарбий хизматчиларни зиммаларига юклатилган вазифаларни ҳар қандай шароитда ҳам макаммал ва тезкор ўзлаштиришларида муҳим ўрин тутиши билан бирга, иқтисодий тежамкорликни ҳам таъминлашига хизмат қиляпти. Шунингдек, тактик ва қўмондонлик ўқув машғулотларини раҳбариятнинг мунтазам кузатиб бориши, вазиятдан келиб чиқиб, тезкор қарорлар қабул қилишга замин яратяпти.

Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда ўз хизмат вазифасига садоқат билан ёндашаётган офицерлар, бошқаларга ўрнак бўлаётган профессор-ўқитувчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.


2020 йилнинг 18 декабридан 2021 йилнинг 18 январига қадар “Ким ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша” шиори остида ўтказилаётган ватанпарварлик ойлиги доирасида ташкил қилинган байрам тадбири кенгайтирилган концерт дастури билан давом этди.

Унда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти жамоаси томонидан тайёрланган қўшиқ, турли бадиий чиқишлар намойиш қилинди. “Вокал ижрочилиги” 2-курс талабалари томонидан Эркин Воҳидов қаламига мансуб “Инсон” қасидаси дунёнинг 8 тилида жонли ижрода айтилди.


Бу ерга жам бўлган офицер ва курсантлар, профессор- ўқитувчилар эътиборига театрлаштирилган саҳна кўринишлари тақдим қилинди.

 

Матбуот котиби