1

Муҳаммад Юсуф шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар танлови

 


Қушдай учиб, қучоғингдан дунё кездим,
Кезиб-кезиб топганларим соғинч бўлди.
Қанча олис кетсам, шунча қадринг сездим,
Қайда юрсам ёду меҳринг овунч бўлди.
Айланайин қора қошу кўзингдан-а,
Ўзингдан қўймасин халқим, ўзингдан-а.

Содда ва самимий мисралардан иборат дилтортар шеърлар, теран тафаккур маҳсули -достонларининг халқ қалбидан жой олгани , Ватан ва она тупроқнинг ҳақиқий фидойи фарзанди бўлмоқ шоир Муҳаммад Юсуф шеъриятининг асосини ташкил этади.

Бугун, 25 январь куни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида талабалар ўртасида ўз ишини бошлаган Муҳаммад Юсуф шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар танловида ҳам ушбу жиҳатлар яна бир бора намоён бўлди. Унда институтда таҳсил олаётган 60 дан ортиқ талаба ҳакамлар ҳайъати олдида ўзбек ва рус тилларидаги ижролари билан ўз иқтидорларини намойиш қилмоқда.

Танлов “Энг яхши ижро”, “Энг яхши басталанган мусиқа” сингари икки номинацияда ташкил этилди.
“Мақсад Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижодий фаолиятини кенг оммага ёйиш, ёшлар ўртасида шеърият ва қўшиқчилик санъати орқали маданиятни янада ривожлантириш, талаба ёшларда ўзлари танлаган ихтисосликларни чуқур ўрганишга қизиқишни ошириш. Уларнинг ижодкорлик кўникмаларини янада тараққий эттириш”,- дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Миллий қўшиқчилик” кафедраси доценти Аҳмаджон Дадаев.

Танлов иштирокчилари ҳакамлар ҳайъатининг ҳар бир аъзоси томонидан алоҳида тарзда овоз пардасининг софлиги, қўшиқ матнининг тўғрилиги ҳамда саҳна маҳоратига қараб 30 баллик тизимда баҳолаб борилмоқда.

Муҳаммад Юсуф шеърлари асосида яратилган қўшиқлар танлови ғолиблари диплом, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланади. Шунингдек, ушбу талабалар институт томонидан ўтказиладиган турли маданий-маърифий тадбирларда иштирок этиб,ўз иқтидорларини намойиш этиш имконига эга бўлади.

Икки кунга мўлжалланган танлов эртага, 26 январь куни ўз ишини давом эттиради.

 

Матбуот котиби