ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ САНЪАТ ВА МАДАНИЯТ ИНСТИТУТИДА ЎЗБЕК ТИЛИГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИР БЎЛИБ ЎТДИ.

ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ САНЪАТ ВА МАДАНИЯТ ИНСТИТУТИДА РЕСПУБЛИКАМИЗ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ЖОРИЙ ЙИЛНИНГ 20 ОКТЯБРИДА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН “МАМЛАКАТИМИЗДА ЎЗБЕК ТИЛИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ВА ТИЛ СИЁСАТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА” ГИ ФАРМОНИДА БЕЛГИЛАБ БЕРИЛГАН ВАЗИФАЛАРНИ КЕНГ ТАРҒИБ ҚИЛИШГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИР БЎЛИБ ЎТДИ.

Тадбирда мазкур институт ректори,филология фанлари доктори,профессор Иброҳим Йўлдошев сўзга чиқиб, тарихий аҳамиятга эга бўлган ушбу фармоннинг мазмун-моҳияти, унинг ўзбек тилини ривожлантиришдаги ўрнига тўхталди.
Мазкур ҳужжатда давлатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ҳамда тўғри фойдаланишга эришиш кўзда тутилган. Шунингдек, она тилимизнинг софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш, аҳолининг нутқ маданиятини ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Фармонда таълим ташкилотларида давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатида нуфузини ошириш алоҳида кўрсатиб ўтилган. Бугунги кунда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг бакалавриат йўналишларида ўзбек ҳамда рус гуруҳлари учун ўзбек тили фанидан дарслар олиб бориляпти. Магистратура мутахассислиги учун эса янги фан сифатида “Илм-фан тили” киритилди.
Тоталитар тузум даврида, аниқроғи 1982 йилда Республикамиз олий ўқув юртларида ўзбек тили кафедралари олиб ташланган эди.Орадан йиллар ўтиб, улар қайтадан тикланди.Мазкур фармонда эса барчамиз учун муқаддас бўлган она тилимизни янада ривожлантириш мақсадида олий таълим муассасаларида ўзбек тили кефедралари сонини 2025 йилга қадар 120 тага, 2030 йилгача эса 140 тага етказиш режалаштирилган.
Алоҳида кўрсатиб ўтилганидек, давлат тилининг софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш, аҳолининг нутқ маданиятини ошириш учун лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида “Ўзбекистон миллий қомуси” жилдларини нашр этиш босқичма-босқич кўпайтириб борилади. 2020 йилда ўзбек тилининг луғат бойлигини оширувчи 15 та лингвистик, соҳавий терминологик, изоҳли луғатлар яратилиши ҳужжатда кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, фармонда давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш, бу борада хорижий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида 2030 йилга қадар хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тилини ўргатувчи марказлар сонини амалдаги 17 тадан 60 тага ошириш белгилаб берилган.Сўзга чиққанлар томонидан эътироф этилганидек, албатта ушбу саъй-ҳаракатлар ҳар биримизнинг қалбимизга фахр-ифтихор туйғуларини бағишлайди. Она тилимизни янада ривожлантириб, унинг халқаро миқёсдаги обрўйини бунданда оширади.
Қайд этилганидек, мазкур фармон мазмун-моҳиятини институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, талабалар ўртасида ўрганиш, уни кенг тарғиб қилишга бағишланган тадбирлар белгиланган дастур асосида давом эттирилади.
ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ САНЪАТ ВА МАДАНИЯТ ИНСТИТУТИДА ЎЗБЕК ТИЛИГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИР БЎЛИБ ЎТДИ.

ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ САНЪАТ ВА МАДАНИЯТ ИНСТИТУТИДА ЎЗБЕК ТИЛИГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИР БЎЛИБ ЎТДИ.

ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ САНЪАТ ВА МАДАНИЯТ ИНСТИТУТИДА ЎЗБЕК ТИЛИГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИР БЎЛИБ ЎТДИ.

image_pdfimage_print