
2021 йилнинг 1 февраль куни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида “Ватан мадҳи қалбларда мангу” мавзуида адабий – бадиий назм ва наво кечаси ташкил этилди.
Тадбирни институт ректори Иброҳим Йўлдошев кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф шеърлари асосида яратилган ушбу қўшиқлар ижросининг мазмун-моҳияти, уни ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги ўрни ҳақида тўхталди.
Концерт дастурида республикамизнинг “Ўзбекистон халқ артисти”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” сингари фахрий унвонлар соҳиблари, халқимизнинг севимли санъаткорлари, институтимиз вакиллари ўз чиқишлари билан иштирок этди.
Саҳнага ташриф буюрган ҳар бир хонанда имкон қадар ўз иқтидор ҳамда имкониятини янада яққолроқ намоён этишга интилди.
Концерт дастурида Ватанпарварлик, шу муқаддас заминга садоқат, муҳаббат мавзулари яна бир бора янгича талқинда намоён бўлди.
Шоир Муҳаммад Юсуф шеърлари асосида халқимизнинг севимли санъаткорлари томонидан айтилган ҳар бир қўшиқ томошабинларнинг гулдурос қарсаклари остида қўллаб турилди ва бу иштирокчиларни янада илҳомлантирди.
Мусиқий тадбирга ташриф буюрган ҳеч бир хонанда эътибордан четда қолмади. Уларнинг барчасига институт ректори Иброҳим Йўлдошев профессор-ўқитувчилар, талабалар номидан миннатдорчилик билдириб, ташаккурномалар берилди.
Мазкур кенгайтирилган концерт дастури Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Наво” телеканали орқали кўчма телевизион станция ёрдамида махсус кўрсатув тайёрлаш учун тўлиқ ёзиб олинди.
Матбуот котиби