ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ САНЪАТ ВА МАДАНИЯТ ИНСТИТУТИ РЕКТОРИНИНГ БАЙРАМ ТАБРИГИ

ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ САНЪАТ ВА МАДАНИЯТ ИНСТИТУТИ РЕКТОРИНИНГ БАЙРАМ ТАБРИГИ
Азиз устозлар! Қадрли ҳамкасблар! Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда устоз деган шарафли номни улуғлаб келаётган юртимиздаги барча инсонларни умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Бугунги қутлуғ айём ўзбек маданияти ва санъатининг етук дарғалари, институтимизнинг фидоий устозлари ҳамда барча ҳодимларимизга қутлуғ бўлсин.
Аллоҳ таоло Мужодала сурасининг 11- оятида шундай марҳамат қилади: “…Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтарур. Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордир”.
Мазкур ояти каримада Аллоҳ таоло илм эгаллаган ва уни бошқаларга етказишда холис саъйи-ҳаракат қиладиган улуғ устозларнинг обрў эътиборларини янада юқори кўтариб қўйишини ваъда қилмоқда. Ушбу ҳадиси шарифдан ҳам кўриниб турибдики, устозлик бу – энг улуғ касб, энг улуғ мақомдир.
Биз учун ҳамиша ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган сизлар каби азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз. Сизларнинг барчангизга ҳеч қачон узиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси билан таъзим қиламиз. Буюк Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам сизларнинг олижаноб меҳнатингиз ҳақини адо этиб бўлмайди. Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир мурғак болани ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидоий касб эгаларидир. Биз бугун замонавий билим ва касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган минг-минглаб фарзандларимиз камолида ўқитувчи ва мураббийларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши биламиз ва сизларнинг бу улуғ хизматингизни юксак қадрлаймиз. Бугунги кунда шиддат билан ўзгариб бораётган ҳаёт олдимизга қўяётган бир-биридан мураккаб ва муҳим масалаларни ҳал қилиш ҳақида ўйлар эканмиз, уларнинг ечими айнан таълим-тарбия билан, ёшларнинг дунёқарашини замонавий билим, юксак маънавият ва маърифат асосида шакллантириш билан боғлиқ эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.
Сизларни 1 октябр – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!

Чексиз эҳтиром ила, Ўзбекистон давлат
санъат ва маданият институти ректори
Иброҳим Юлдашев

image_pdfimage_print