“Муҳаммад Юсуф – Ватан ва мустақиллик куйчиси” мавзуида кўргазма


Қушдай учиб, қучоғингдан дунё кездим,
Кезиб-кезиб топганларим соғинч бўлди.
Қанча олис кетсам, шунча қадринг сездим,
Қайда юрсам ёду меҳринг овунч бўлди.
Айланайин қора қошу кўзингдан-а,
Ўзингдан қўймасин халқим, ўзингдан-а.

Содда ва самимий мисралардан иборат дилтортар шеърлар, теран тафаккур маҳсули -достонларининг халқ қалбидан жой олгани , Ватан ва она тупроқнинг ҳақиқий фидойи фарзанди бўлмоқ шоир шеьриятининг асосини ташкил этади.
Институт жамоасининг ҳар бир аъзоси профессордан талабагача мана шу теран мазмунли адабиётни чуқур ўрганмоқда, тарғиб қилмоқда.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 августдаги 502-сонли қарорига асосан “Тошкент шаҳридаги адиблар хиёбонидан самарали фойдаланиш ва таълим муассасаларида адиблар ижодини ўрганиш бўйича чора-тадбирлар режаси” ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида “Муҳаммад Юсуф – Ватан ва мустақиллик куйчиси” мавзуида кўргазма бўлиб ўтди.


Ундан фото, портрет жанридаги суратлар, мусаввир мўйқаламида сайқал топган ранг-тасвир асарлари, ноанъанавий услубда яратилган портрет сингари 100 дан ортиқ экспонатлар ўрин олди.


Жаннат Ўзбекистон табиатининг ранго-ранг фаслларида турли учрашувлар, суҳбатлар, иқтидорли ёшлар билан ишлаш жараёнлари, устозлар ҳузуридаги дилтортар баҳсу суҳбатлар асносидаги шоирнинг ёниқ ижодий портретларига ушбу кўргазмадан катта ўрин ажратилди .
Тадбирда иштирок этган Муҳаммад Юсуфнинг рафиқаси, таниқли шоира, “Фидокорона хизматлари учун” ордени совриндори Назира ас-Салом шоир ҳаёти ва ижодидаги қизиқарли воқеалар ҳақида сўзлаб берди.

Кўргазмада шунингдек ҳаваскор рассом талабалар ҳам ўзларининг ижодий ишлари билан иштирок этди.

Шу ернинг ўзида Муҳаммад Юсуфнинг рафиқаси , таниқли шоира, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳибаси Назира ас- Салом Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари учун “Қалби ёниқ ижодкор ” мавзуидаги маҳорат дарсини олиб борди.


Муҳаммад Юсуфнинг ижодида тарихий шахслар улуғланиши, Ватанга иддаолар қилмай севиш, фарзанд тарбиясида устознинг ўрни ҳақидаги унутилмас хотиралар, ҳаётий ҳикматлар маҳорат дарсининг асосини ташкил қилди. Ўзаро мулоқотлар жараёнида Назира ас-Салом Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф шеърларидан намуналар ўқиди. Йиғилганларга уларнинг яратилиш тарихи ҳақида сўзлаб берди.

Матбуот котиби