“МАҲАЛЛИЙ ВА ХОРИЖИЙ ГРАНТЛАРНИ ЖАЛБ ҚИЛИШ МАСАЛАЛАРИ”ГА БАҒИШЛАНГАН ВЕБИНАР


Сўнгги йилларда илм-фан билан ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни таъминлаш, илмий институтларга буюртмаларни шакллантириш бўйича бир қатор Президент фармони ва қарорлари қабул қилинди. Жумладан 29 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6097-сон Фармони эълон қилинди. Ушбу фармоннинг қабул қилиниши иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш, илмий-интеллектуал ҳамда молиявий ресурсларни тўлиқ сафарбар этган ҳолда илмий-инновацион салоҳиятдан кенг фойдаланиш, истиқболда илм-фанни мунтазам ислоҳ қилиб боришнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билимга эга ва мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий инфратузилмани модернизация қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришда асос вазифасини ўтайди.

Концепцияда белгиланган вазифаларни босқичма-босқич амалга ошириш орқали қўйилган мақсадга эришилади. Бунинг учун илм-фан билан ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий грантларни жалб қилиб, сохадаги муаммоларнинг инновацион ечимларини ҳал қилиш устувор вазифалар сирасига киради. Шу муносабат билан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида 2020 йил 4 декабрь куни “Маҳаллий ва хорижий грантларни жалб қилиш масалалари”га бағишланган амалий вебинар ташкил этилди. Мақсад институт кафедраларида илмий тадқиқот билан шуғулланаётган олимларни янги ғоялар сари чорлаш, ишлаб чиқариш билан ҳамкорликда инновацион ишланмалар ва стартап лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича кўникмаларини шакллантиришга услубий ва амалий ёрдам бериш.

Вебинарни Ёшлар билан ишлаш проректори Шермонов Элдор Уролович очиб берди. Ўз нутқида у 2020 йил 3 декабрдаги Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектр йиғилишида илм-фан билан ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш, илмий тадқиқотлар даражасини кўтариш, илм ва инновация масалалари бўйича проректорлар масъулиятини ошириш бўйича долзарб вазифалар қўйилганлигини таъкидлаб ўтди. Бу борада институтдаги барча кафедраларнинг салоҳиятли олимлари илмий ишланмаларни ишлаб чиқиш, хорижий грантларни жалб қилиш, илмий тадқиқот билан шуғулланишни кучайтириши лозим.

Ушбу вебинарга таклиф этилган махаллий грантларни жалб қилиш бўйича эксперт, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори, PhD Бердиев Бектош Охнорович йиғилиш иштирокчиларига Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинаётган танловларга фундаментал, амалий, инновацион ва стартап лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тақдим қилиш тартиблари, ғояни асослаш, уни амалга ошириш босқичлари, экспертлар Кенгашида лойиҳани ҳимоя қилишда эътибор бериш керак бўлган жиҳатлари бўйича маълумотлар берди.

“Маданият ва санъат муассасаларини ташкил этиш ва бошқариш” кафедраси доценти Юлдашева Манзура Бориходжаевна, кафедра катта ўқитувчиси Салайдинов Бахтиёр Шавкатович хорижий муассасалар томонидан ажратиладиган грантларни излаш, ариза топшириш, лойиҳани ёзиш тартиблари, институтда амалга оширилаётган Creative Spark лойиҳаси учун Буюк Британия ҳукуматининг грантини қўлга киритиш босқичлари ҳақида маъруза қилдилар.

Вебинарда институт ўқув ишлари бўйича проректори, факультет деканлари, барча кафедра мудирлари, илмий тадқиқот, халқаро алоқалар, ўқув бўлимлари масъул ходимлари иштирок этишди.
Вебинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

Матбуот котиби