Касбий имтиҳонларнинг шаффофлиги қандай таъминланмоқда? (+видео)

Касбий имтиҳонларнинг шаффофлиги қандай таъминланмоқда? (+видео)

2 сентябрдан олий таълим муассасаларига кириш учун талабгор бўлган абитуриентлар учун тест синовлари, шу билан бирга, касбий имтиҳон асосида сараланадиган таълим муассасаларида ҳам имтиҳонлар бошланди.
Ижодий имтиҳонлар ўтказилаётган хоналарга махсус камералар ўрнатилган, улар орқали институт ташқарисига ҳар бир хона учун алоҳида жойлаштирилган телевизорлар орқали истаган киши абитуриент ва имтиҳон комиссияси аъзолари ўртасидаги мулоқот, савол-жавоб жараёнларини овозли тасвир орқали кўриши мумкин. Шунингдек, ҳар бир хонада кечаётган имтиҳон жараёнлари бу ерда ўрнатилган видеокамералар орқали ёзиб олинади ва зарурат туғилганида истаган пайтда уни қайта кўриш имкони мавжуд. Буларнинг барчаси ижодий имтиҳонларни очиқ, адолатли ўтишига хизмат қилади.
Шу билан бирга, институтда бўлаётган имтиҳон жараёнини кўриш учун эндиликда ота-оналар институт ҳовлисига киритилмаяпти. Улар учун ташқарида жараённи телевизион кўриш учун шароит яратилган.

Институт ҳудудга киритишда абитуриентларнинг тана ҳарорати ўлчанмоқда, дезинфекцион йўлакдан ўтиб, ниқоб ва қўлқоп берилиб, хоналарга киритилаяпти. Маълум қилишларича, эрталаб имтиҳонга келган битта абитуриентнинг иситмаси борлиги боис, у шифокор назоратига юборилди.
2020-2021 ўқув йилида мазкур институтнинг кундузги ва сиртқи таълим шакллари бўйича 20 та бакалавриат таълим йўналишларига 1025 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинади.
Институтга кириш учун 15 387 нафар абитуриентнинг ҳужжатлари рўйхатдан ўтказилган бўлса, шунинг 3767 нафари 17 та йўналиш бўйича ижодий имтиҳон топширади.
Институтда имтиҳон жараёнларини кузатиш учун 14 кишидан иборат жамоатчилик кенгаши ҳам ташкил этилди. Улар жараённи кузатиб, таҳлил қилиб боради. Бугун бошланган касбий имтиҳонларда агар бир кунда 200 нафар талабгор иштирок этса, тахминан 19 кунда якунланади.
Барно Мелиқулова, Ёқубжон Мелибоев (видео), ЎзА
image_pdfimage_print