ИМКОНИЯТЛАР ОШМОҚДА, НАТИЖАЛАР ҲАМ ШУНГА ЯРАША!

ИМКОНИЯТЛАР ОШМОҚДА, НАТИЖАЛАР ҲАМ ШУНГА ЯРАША!

Ўқитувчи, муаллим, устоз – бир инсоннинг жамиятда ўз ўрнини топишида, келажагини ҳар томонлама обод ва нурли қилишида йўлчироқ бўлгувчи, кези келганда бутун бошли жамиятнинг ҳам маънавий ҳам маърифий устунига тиргак инсон! Бугун юртимизда ана шундай касб фидоийларига юксак эҳтиром кўрсатилмоқдаки келажак авлод уларга ҳавас кўзи билан қарасин, ҳаёт йўлларидан ўрнак олсин.

Куни кеча Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида республикамизнинг барча таълим муассасаларида янги ўқув йилининг бошланмаси – билимлар куни муносабати билан Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида 23 август куни ўтказилган фидоий касб эгалари – ўқитувчиларнинг асл мавқеини эътироф этиш ҳамда уларнинг бугунги муаммоларини очиқ-ойдин таҳлил қилишга қаратилган видеоселектор йиғилишига бағишлаб илмий кенгаш учрашуви ўтказилди.

Унда институт ректори Иброҳим Юлдашев, профессор-ўқитувчилар, олий таълим даргоҳининг жонкуяр ходимлари ҳамда фаол талаба-ёшлар иштирок этишди.

Кенгаш давомида мамлакатимизда фан ва таълим соҳибларига қаратилаётган эътибор, уларга яратиб берилаётган шароитлар, шунингдек, ўтган ўқув йилида институт жамоасининг самарали меҳнатлари ҳосиласи ўлароқ қўлга киритилган ютуқлар ҳамда ўз ўрнида камчиликлар хусусида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

– Азим, бой тарихга эга диёримиз ўтмишдан илм-у толиблар, пиру комиллар манзили бўлган. Бутун дунёни лол қолдирган кашфиётчи олимларимизни-чи, санаб саноғига етолмаймиз, сабаби бу ўлкада илм излагувчиларга ҳамиша ўзгача эҳтиром кўрсатилган, – деди институт ректори И. Юлдашев. – Бугун ҳам ана шундай фараҳбахш кунларда яшамоқдамиз. Устоз ва мураббийларимизнинг обрўси кун сайин юксалиб бормоқда. Уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида ҳам яхшигина ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, Ўқитувчилар, чинакамига, жамиятнинг энг обрўли касб эгаларига айланмоқдалар. Ҳозирги профессор ёки оддий ўқитувчининг бундан икки-уч йил олдинги ойлик маоши билан айни пайтдагисини солиштириб кўринг-чи? Ҳақиқий тафовутни мана шунда кўрасиз. Келинг, соҳада бўлаётган ўзгаришларни институтимиз мисолида таққослаб кўрамиз. Ўтган бир йил давомида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг илмий салоҳияти 26,8 фоизга ошди. Натижада бугун 43,7 фоизни кўрсатиб турибди. Бу институт учун чинакамига рекорд кўрсаткич. Бундан ташқари, ҳар йил якунида эълон қилинадиган рейтинг натижаларига кўра республика олий таълим муассасалари орасида 24 ўринга кўтарилиб, олдинги ўрнимиздан 30 поғонага юқориладик. Бундай ютуқлар замирида сиз азиз профессор-ўқитувчиларнинг заҳматли меҳнатингиз ётибди, албатта. Шунга аминманки, кейинги йилда натижаларимиз бундан ҳам юқорилайди.

Шунингдек, тадбир давомида янги ўқув йилига тайёргарлик хусусида сўз юритилиб, жорий ўқув йилида дарсларни аввалгиларидан фарқли равишда янгича ғоялар ҳамда инновацион ёндашувлар асосида ташкил этиш борасида ҳам келишиб олинди.

ЎзДСМИ Ахборот хизмати

image_pdfimage_print