Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллигига бағишлаб “Қалбимизда мангу яшар буюк сиймолар” деб номланган маънавий-маърифий, адабий-бадиий тадбир бўлиб ўтди. Уни институт ректори Иброҳим Йўлдошев кириш сўзи билан очди.
Бетакрор шоир,заковатли олим ва таржимон, донишманд тарихчи,йирик давлат ва маданият арбоби,моҳир саркарда.Ўзининг 47 йиллик ҳаёти давомида асрлар оша дунёни ҳайратга солиб келаётган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ана шундай юксак эътирофга сазовор бўлди.
Адиб ижодининг сарчашмаси ҳисобланган мемуар асар «Бобурнома», нафақат миллий адабиётимизнинг ноёб дурдоналаридан, шунингдек жаҳон адабиётининг нодир намуналаридан бири саналади.
«Бобурнома»нинг аҳамиятли жиҳатларидан яна бири, ўша даврда адабиётимизда наср жанрида яратилган йирик асарлардан бири сифатида ҳам муҳим ўрин тутади.Ушбу қомусий китоб 30 дан ортиқ тилга таржима қилинган. Бобур ва бобурийлар сулоласига оид бебаҳо манбаалар жаҳоннинг 70 дан ортиқ музейларида сақланяпти.
Биргина Париж кутубхонасидан ўрин олган «Рисолайи аруз»да арузнинг 537 та вазни ҳақида сўз боради ва ҳассос шоир ўз фикрларини исботлаш мақсадида 70 дан ортиқ ижодкорларнинг асарларидан мисоллар келтирган. «Рисолайи волидия» китоби эса, адибнинг истеъдодли таржимонлигини кўрсатади.
Шоир ҳаётининг муайян йиллари билан боғлик бўлган,бизгача сақланиб қолган лирикаси сони 400 дан ортиқни ташкил қилади. Шунинг 119 таси ғазал,231 таси рубоий.Қолганлари туюқ, маснавий, қитъа сингари қатор жанрларда.
Бўлиб ўтган тадбирда институтнинг профессор-ўқитувчилари, талабалар томонидан Бобур шеърияти асосида яратилган қўшиқлар ижро қилинди. Ғазалларидан намуналар ўқилди. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Халқаро Бобур мукофоти совриндори Муҳаммадали Абдуқундузов томонидан саҳна кўриниши тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.
Талабалар ижросида шоир ҳаёти ва ижодига доир турли саҳна кўринишлари намойиш қилинди.
Матбуот котиби