Президент Хайрулла Саъдиевни 80 ёшни қаршилагани муносабати билан мукофотлади


Жорий йилнинг 6 декабрь куни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиевнинг 80 ёшга тўлиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

Унда Президентнинг давлат маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувахитов, Президентнинг давлат маслаҳатчиси ўринбосари Абдурашид Жўрабоев, Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори Иброҳим Йўлдошев, “Ўзбеккино” МА бош директори Фирдавс Абдухаликов, Ўзбекистон давлат Сатира театри директори Санжар Сатторов шунингдек, санъат ва маданият соҳаси вакиллари иштирок этди.



Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон халқ артисти, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Хайрулла Саъдиевни “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирлаш тўғрисидаги фармони ўқиб эшиттирилди ва устоз санъаткорга ушбу юксак мукофот тантанали равишда топширилди.
Сўзга чиққанлар ёшларимизнинг севимли мураббийси, устоз санъаткоримизни ватанимизнинг юксак унвони билан қутлаб, табаррук 80 ёши билан муборакбод этишди.

Халқимизнинг севимли актёри Хайрулла Саъдиев 1940 йил 6 декабрда Тошкентда таваллуд топган. У 1963 йил Ўзбекистон давлат театр ва рассомлик санъати институтини тугатган.

1980 йил “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, 1990 йил “Ўзбекистон халқ артисти” унвонлари билан тақдирланган. 2005 йил эса “Меҳнат шуҳрати” орденининг соҳиби бўлди.

Хайрулла Саъдиев Республика Ёш томошабинлар театрида ижодий фаолиятини бошлади. Театр саҳнасида “Ревизор”, “Этик кийган мушук”, “Шум бола” каби ўнлаб спектаклларда ёдда қоларли ролларни ижро этди.

Севимли ижодкоримиз кино оламида ҳам самарали меҳнат қилиб келади. “Тўйлар муборак”, “Чинор”, “Алпомиш”, “Чашма”, “Ўтов”, “Шайтанат” каби кўплаб бадиий фильмларда яратган образлари минглаб мухлислар олқишига сазовор бўлган.

Республикамиз президенти Шавкат Мирзиёев эътироф этганидек, ”Яратганнинг ўзи ижод аҳлига шундай ноёб истеъдод ва салоҳиятни ато этганки, бундай хусусият, бундай фазилат ҳар кимга ҳам насиб этмайди”.

Матбуот котиби