
“Муҳаммад Юсуф ижоди ёшлар нигоҳида”. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида Ахборот ресурс маркази ҳамда “Маданият ва санъат муассасаларини ташкил этиш ва бошқариш” кафедраси ҳамкорлигида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир ушбу мавзуига бағишланди.
Бу галги ижодий мулоқот ўзига хослиги билан ажралиб турди. Тадбирда сўзга чиққан АРМ раҳбари, “Маданият ва санъат муассасаларини ташкил этиш ва бошқариш” кафедраси мудири, профессор-ўқитувчилар томонидан Ўзбекистон ҳалқ шоири Муҳаммад Юсуф ҳаёти билан боғлиқ қизиқарли воқеалар унинг замондошлари, бевосита иштирокчиси бўлган кафедра жамоаси томонидан айтиб берилди. Халқчил шоир билан боғлиқ кечинмалар яна бир бора ёдга олинди.
Фалсафа фанлари доктори Виктор Алимасов Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишлаб ёзган ўзининг ўзбек тилидаги шеърини ўтирганлар эътиборига ҳавола этди. Шунингдек, Виктор Алимасов мусаввир сифатида мўйқаламда шоир портретини яратгани ҳақида тўлқинланиб сўзлаб берди.
Ижодий учрашув тусини олган ўзаро мулоқотлар чоғида шоир билан бир замонда яшаган кафедранинг бошқа вакиллари ҳам талабаларга Муҳаммад Юсуф билан бевосита боғлиқ бўлган қизиқарли воқеалар ҳақида айтиб беришди.
Ижодий учрашув ўқитувчи ва талабалар ўртасида шеърхонлик мусобақасига айланиб кетди. Қатор истеъдод соҳиблари Муҳаммад Юсуф шеърларидан намуналарни ёддан ифодали ўқиса, бошқа бирлари шоир ҳақида ёзган ўз ижод маҳсулларини айтиб берди.
Тадбирда энг яхши шеър айтган иқтидорли талабалар бадиий китоблар билан тақдирланди.
Матбуот котиби