КЎНГИЛДАН ЧИҚМАГАН ҚЎШИҚ ХАЛҚҚА ЕТИБ БОРМАЙДИ. ХАЙРУЛЛА ЛУТФУЛЛАЕВ “ОИЛА ДАВРАСИДА” ГАЗЕТАСИДА

Халқ артисти Хайрулла Лутфуллаев қўшиқлари кириб бормаган хонадон юртимизда бўлмаса керак. Санъаткор яратган ўнлаб қўшиқлар кўп асрлик мусиқий меросимиз хазинасидан муносиб жой олган.
КЎНГИЛДАН ЧИҚМАГАН ҚЎШИҚ ХАЛҚҚА ЕТИБ БОРМАЙДИ. ХАЙРУЛЛА ЛУТФУЛЛАЕВ "ОИЛА ДАВРАСИДА" ГАЗЕТАСИДА
Ўзбекистон халқ артисти Мукаррама Турғунбоева бошчилигидаги «Баҳор» ансамбли билан юздан ортиқ мамлакатда ўзбек санъатини тарғиб қилишга улкан ҳисса қўшган. Бугун Ўзбекистон халқ артисти, профессор Хайрулла Лутфуллаев газетамиз меҳмони бўлди.

– Хайрулла ака, суҳбатимизни инсон ҳаётининг энг беғубор даври бўлган болалик хотираларидан бошласак. Эл суйган санъаткорнинг болалиги қандай ва қаерларда ўтган?

– Болалигимни эсласам кўз ўнгимда Эски Жўва кўчалари гавдаланади. 1945 йил 25 октябрда Тошкент шаҳрида туғилганман. Оилада ота-онамизга бўлган меҳр кучли бўлган. Онам доим отамнинг ҳурматини жойига қўяр эди. Шундан бизда ҳам отамизга чексиз ҳурмат бор. Оилада ҳаммамиз отанинг маслаҳати, отанинг рухсатисиз бирор иш қилмаганмиз.

Косибчилар оиласида туғилганман. Отам, амакиларим – ҳаммалари косиб бўлишган. Болалигим ҳамма қатори гоҳ шўх, гоҳ ғамгин ўтган. Ғамгин дейишимга сабаб, 7-9 ёшлигимда совуқда маҳалламизга нон келар эди. Онам иккимиз тонг саҳарлаб турнақатор навбатларда турар эдик. 12 ёшларга тўлганимда замон анча ўзгарди, ҳаётимиз яхшилана бошлаб, қорнимиз тўйиб овқатланадиган бўлдик.

Анчайин шўх бўлганман. Ўқитувчиларим мактабдан уйга қайтишда бизнинг кўчадан ўтиб кетишарди. Дарвоза олдида ўтирган отамга бир неча марта «Ўғлингиз жуда тўполончи», – дея айтишган ҳам. Шунда отам бизни янада қаттиққўллик билан назорат қилади.

– Мусиқа дарсини яхши ўқиган бўлсангиз керак-а?

– Йўқ, кўпроқ жисмоний тарбия фанидан аъло баҳо олардим. Ундан кейин чизмачилик, расм, мусиқа, адабиёт фанларига қизиқардим. Aдабиёт дарсларида шеър ёки ҳикояларни бир-икки марта ўқишдаёқ ёдлаб олиш қобилиятим бор эди. 14 ёшимда мактабимизда мусиқа фанидан тўгарак очилди. Шу тўгаракка қатнаб, тез фурсатда рубоб чалишни ўрганиб олдим. Давраларда, ўртоқларим орасида рубоб чалиб, қўшиқ айтганимни кўрган ёши катталар тўйда мени кўриб қолишса, саҳнага тортиб, қўшиқ айттиришарди.

Кейинчалик Эски Жўвадаги Охунбобоев номли маданият уйида тўгаракларга қатнашиб мусиқадан, санъатдан дастлабки билимлар олдим. Сайилгоҳларда, боғларда «Ёш ижрочилар» концертлари бўлар эди, уларда қўшиқлар айтардим.

Мана шу қизиқиш мени 1970 йилда Консерваторияга етаклади. Ўқишга кирган ўша йили анча-мунча тилга тушган «Мен севаман, сен севасанму?» қўшиғим чиқди. Ўша кичик машҳурлик ҳам ўқишимга «халал беришга» етарли эди. Кўп дарсларга қатнаша олмас эдим. Турли концертларга, чет давлатларга гастрол сафарларига олиб кетиб қолишар эди.
КЎНГИЛДАН ЧИҚМАГАН ҚЎШИҚ ХАЛҚҚА ЕТИБ БОРМАЙДИ. ХАЙРУЛЛА ЛУТФУЛЛАЕВ "ОИЛА ДАВРАСИДА" ГАЗЕТАСИДА
«Баҳор» миллий рақс ансанблида ишлаб юрган пайтларимда телевидениега классик куйлар асосида концерт уюштиргани чақиришди. Унда Орифжон Ҳотамов қўшиқларидан ҳам айтишга қарор қилдим. Устознинг «Бе боғча» қўшиғини айтдим ва яна жонли ижрода саккизта қўшиқ куйладим. Ўша қўшиқни Орифхон ака эшитиб, «Хайрулла яхши ҳофиз бўлибди», дея юксак баҳо берган экан.

– Инсон ҳаётда ўз ўрнини топишида у яшайдиган муҳит, атрофдаги инсонларнинг таъсири катта бўлади. Санъатга муҳаббат қўйишингизга кимлар дахлдор, деб ҳисоблайсиз?

– Биз Маъмуржон Узоқов, Фахриддин Умаров, Таваккал Қодиров каби катта ҳофизлар ашулаларини тинглаб катта бўлганмиз. Улар халққа танилиб, машҳур бўлган пайтлар эди. Ҳозиргидек қўл телефонлари, магнитофонлар йўқ эди. Кичкинагина радиомиздан қайси машҳур қўшиқ янграса ўшани ўрганиб олардим.

Хуллас, мана шу касбга меҳр қўйишимда асосан оилам, устозлар сабабчи бўлди. Яна Муҳамаджон Каримов деган ҳофиз билан бир маҳаллада турардик. У кишини кўп тўйларга чақиришарди, мен ҳам қизиқиб ёнларига бориб турардим.

Ҳеч эсимдан чиқмайди. Бир гал маҳалламиздаги тўйга машҳур ҳофиз Жўрахон Султонов келди. Санъаткорлар олдига яқин борволиб, айвон устунига суяниб, берилиб ашула эшитаётганимни кўрган ҳофиз тўсатдан олдига чақирди. «Ҳа ўғлим, нега сен дўстларинг билан ўйнамасдан бу ерда турибсан?», дедилар. «Мен ашула эшитяпман», дедим ҳаяжонланиб. Ўшанда устоз санъаткор «Катта ҳофиз бўлгин», деб дуо қилдилар. Демак, устозлар берган дуо си билан мана шундай эл назарига тушган бўлсак ажаб эмас.

– Баъзилар мусиқани шунчаки эрмак, дейди. Сиз мусиқага қандай таъриф берасиз?

– Мусиқа асло эрмак эмас. Инсон руҳиятини даволовчи, унга кайфият бахш этувчи буюк куч мусиқа. Яхши куй-қўшиқни эшитсангиз чарчоғингиз чиқади, ундан ташқари ҳар хил бўлмағур хаёллардан қайтаради. Хуллас, мусиқани инсон тўғри тушунса, у фақат яхши йўлга етаклайди, тарбиялайди, куч беради. Мусиқа кўнгилга ахлоқан муайян таъсир кўрсатувчи қувватга эга. Мусиқа ёш авлод тарбияси учун энг зарур воситалар қаторида туради.

– Бизда кўпинча санъаткорлар тўйга чиқиш ниятида шу касбни танлайди. Репертуаридаги қўшиқларнинг ҳам кўпи тўйбоп. Санъаткор фақат тўйлар учун ижод қилиши тўғрими?

– Фақат тўйга чиқиб, пул топиш илинжида санъат йўлини тутиш – бу Худо юқтирган истеъдоднинг иши эмас. Отарчилик билан чин санъатнинг фарқи катта. Тўғри, мен ҳам ёшлигимдан тўйларда қўшиқ айтганман, чунки бу санъаткорни анча пишитади. Тўйда саънаткор айнан халқ сўраган қўшиқни куйлайди, уларнинг талаб-истагини юзма-юз эшитади. Аммо фақат тўй учун ижод қилиш санъатни бизнесга айлантиришдан бошқа нарса эмас.

– Баъзида шовқиндан, қулоқларимиз чарчайди. Ўтириб битта тор билан айтиладиган қўшиқларни қумсаб қоламиз. Сизнинг қўшиқларингизда ҳам ортиқча ҳашаматсиз, ортиқча шовқинсиз, овознинг торга уйғунлигини эшитиб кўнгиллар яйрайди. Ҳозир айнан шундай қўшиқлар айтилмай қўйди. Нима деб ўйлайсиз, фақат «гумбур-гумбур»ни эшитаётган тингловчи бугун ўшандай ҳузурбахш онларни ёдидан чиқариб қўймадимикан?

– Яхши савол! Мана, карантинтуфайли, шунақа «гумбур-гумбур», қулоқни ларзага келтирадиган қўшиқлардан халқимиз анча халос бўлди. Чунки биз ижтимоий тармоқларга битта тор ва доира билан олтмишга яқин миллий қўшиқларимизни айтиб, жойлаштирдик. Қаранг, ҳаммамиз чинакам мусиқани ҳақиқатда соғинган эканмиз. Ўзи халқимиз азал-азалдан битта тор, битта доира билан айтиладиган маъноли, оҳангдор қўшиқларга чанқоқ.

Сир эмас, ҳар қандай «гумбура қарс» ўн беш дақиқа ўтмасданоқ инсонни чарчатади.

– Сизнингча, инсон ҳаётни тушуниши учун тушунча керакми ёки вақт?

– Ҳа… (ўйланиб) Назаримда, иккиси баравар керак, вақт ҳам, тушунча ҳам. Тушуниб етишингиз учун, аввало, вақт зарур. Вақт ўтади, сиз уни ўзингизча режалаштирарсиз, нималар қилиш кераклигини ўйлайсиз, айниқса мана шу вақт ўтган сари одамнинг тушунчаси ҳам улғаяди, кўп нарсаларга ақли ета бошлайди.

– Қўшиқни халқ кўнглига олиб киришнинг синоати нимада? Ёки уни халқнинг ўзи танлайдими?

– Қанча қўшиқ айтган бўлсам, ҳаммаси мен учун ўз фарзандимдек қадрли. Aйримлар савол беришади, фалон қўшиғингизни яхши кўрасизми, бунисини ёқтирмайсизми, деб. Уч юздан ортиқ қўшиқларим бор. Улардан бирортасини ажратиб, мана буниси яхши, буниси ёмон, дея олмайман. Ҳаммасини кўнгилдан айтганман. Aввало, ўша қўшиқдан ўзим роҳатланаман, ўзим маънан озиқланаман. Ундан кейин халқнинг кўнглига етиб боради улар. Қўшиқни ўзингиз роҳатланиб, ўзингизга маъқул қилиб айтмагунингизча, халқ уни тан олмайди. Шеър ёки ғазалнинг мазмунига қараб, унга оҳанг бериб айтсангиз, шундагина халқ кўнглига кириб боради.

– Ижтимоий тармоқлар санъаткор ва мухлис ўртасида виртуал кўприк вазифасини ўтаяпти. Аммо сиз улардан фойдаланмайсиз, нега?

– Тўғри, илгари фойдаланмаганман. Унга эҳтиёж йўқ эди. Чунки ҳамма ижроларимиз жонли бўларди. Масалан, мен талабаларимга, шогирдларимга ўргатганимда, жонли ижрода айтиб берардим. Мана, пандемия бўлиб, дарсларни онлайнга ўткиздик. Сўнгги 5-6 ойдан бери халқимизга олтмишга яқин қўшиқни ижтимоий тармоқлар орқали етказдик. Уларнинг бизга бўлган меҳри, дуоларидан мамнунмиз.

– Сиз кўп ҳамкорлик қиладиган шоирлар кимлар? Ўзи шоирлар билан муносабатингиз қандай?

– Ўзига хос ташриф қоғозимга айланган «Мен севаман, сен севасанми» қўшиғимни айтганимдан кейин, халқ шоири Пўлат Мўмин билан жуда қадрдон ва яқиндан ижод қиладиган бўлганмиз. Кўп қўшиқларим м ана шу шоир шеърларига басталанган. Ундан ташқари Aкмал Пўлат, Туроб Тўла, Нормурод Нарзуллаев каби шоирлар билан ҳамкорликда кўп қўшиқларни халқимизга ҳадя қилганмиз. Ўзим ҳозирги шоирлардан Сирожиддин Саййид, Бобур Бобомурод, Иқбол Мирзо шеърларини севиб ўқийман.

– Бир театр актёри интервью бера туриб, шундай деган экан: «Қулаётган юлдузларнинг изини кўришни истамайман». Шунча узоқ вақт ижод қилаётганингиз сири нимада?

– Aвваламбор, Аллоҳ томонидан берилган истеъдодни асраб-авайлаш, халқимиз биз санъаткорларни қўллаб-қувватлаб, кўкларга кўтариб юриш масъулияти бўлса керак бунга сабаб. Бир нарсани айтиш керакки, санъаткор фақат кўча – кўйда ибрат бўлм асдан, оилада ҳам намуна кўрсатиши керак. Худога шукр, фарзандларим тарбиясида отам тутган йўлдан заррача оғишмадим, уларни тўғри ўзанга бошладим.

Мен кўп мамлакатларда бўлганман, лекин бизнинг халқ каби санъаткорга меҳри баланд халқ ҳеч қаерда йўқ. Мана шу халқ дуоси билан шу вақтгача ижод қилиб келяпман. Бунга шукрлар айтаман.

– Келажак авлод Хайрулла Лутфуллаевни қайси учта сўз билан эслашини хоҳлайсиз?

– Кўпчилик мухлисларимиз ижтимоий тармоқларга жойлаган қўшиқларимизни эшитиб, илиқ фикрлар қолдиришади. Менинг билишимча, мухлисларимизга учта сўз билан эслаш камлик қилса керак-ов!.. Лекин сизни саволингизга, биринчи навбатда меҳрибон ота, санъатимдан келиб чиқиб машҳур хонанда, бастакор ва охиргиси самимий, заҳматкаш устоз, дея эслашларини хоҳлайман.

— Мазмунли ва қизиқарли суҳбат учун раҳмат!
Нодирбек ХАЙРУЛЛАЕВ ва Aзизбек AБДУМАЛИКОВ суҳбатлашди.

image_pdfimage_print