НАВОИЙНИ ЁД ЭТИБ

НАВОИЙНИ ЁД ЭТИБ

Бугун улуғ мутафаккир, сўз мулкининг султони Мир Алишер Навоий ҳазратлари таваллуд топган сана.
Бутун дунё шеъриятининг, Туркий халқлар маънавий-маърифий дунёсининг пешвоси бўлган зотнинг таваллуди ҳамиша эъзоз ва эҳтиром ила ўтказилган. Ушбу кун ҳам Алишер Навоийнинг 578 йиллиги муносабати билан мамлакатимизнинг барча илм-маърифат марказларида катта адабдий байрам – назм куни сифатида кенг нишонланмоқда.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида соҳир сўз санъаткори, буюк шоир Мир Алишер Навоийнинг таваллудига бағишланган “Назм бўстонининг буюк султони” номли адабий-бадиий, маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда институтнинг профессор-ўқитувчилари, соз ва сўз усталари, мартабали меҳмонлар – Ўзбекистон халқ ҳофизи Оролмирзо Сафаров, Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Аҳмаджон Дадаев, Ўзбекистон халқ ҳофизи Бекназар Дўстмуродов ҳамда талабалар иштирок этишди.


Улуғ мутафаккир таваллудига бағишланган шеърият кечасини филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Йўлдошев Навоий ҳаёти ва ижодий фаолиятига оид маъруза билан очиб берди.
Албатта, Ўзбекистонда ўтказиладиган Навоийхонлик кечаларини ғазаллар баёти ва уларга басталанган миллий оҳанглардаги куй-қўшиқларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бугунги тадбирда ҳам институт талабалари томонидан айтилган Алишер Навоийнинг ғазал ва рубоийлари устоз санъаткорларнинг хонишларига уланиб кетди.


Дастлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти доценти Оролмирзо Сафаров томонидан Навоий ғазали асосида ижро этилган қўшиқ барчанинг кўнглига хуш ёққан бўлса, Шерали Жўраевнинг кичик Алишернинг 9 ёшида ёзган ғазалини куйга солиб ижро этгани бадиий кечага ўзгача кайфият бағишлади.

Orazin yopqoch ko‘zumdin sochilur har lahza yosh,
O‘ylakim, paydo bo‘lur yulduz, nihon bo‘lg‘och quyosh.

Qut bir bodom-u yerim go‘shayi mehrob edi,
G‘orati din etti nogah bir balolig‘ ko‘z-u qosh.

Bu damodam ohim ifsho aylar ul oy ishqini,
Subhning bot-bot dami andoqki aylar mehr fosh.

Bo‘saye qilmas muruvvat, asr-u qattiqdur labing,
Desam, og‘zi ichra aytur, la’l ham bor navi tosh.

Novaking ko‘nglumga kirgach jon talashmoq bu лekin,
Kim qilur paykonini ko‘nglum bila jonim talosh.

Umri jovid istasang fard o‘lki, bo‘ston xizridur—
Sarvkim, da’b ayladi ozadalig‘ birla maosh.

Qoshi ollinda Navoiy bersa jon ayb etmangiz,
Gar budur mehrob, bir-bir qo‘yg‘usidur barcha bosh.

ЎзДСМИ Ахборот хизмати